📌 15.12.2023 йил куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Қашқадарё вилоятида оналар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш мавзусида йиғилиш ўтказилди.

📹 Видеоконференция тарзида ўтган мулоқотда вазир А.Иноятов онлайн тарзда иштирок этди.

📃 Қайд этиш керак, жорий йил 8 сентябрда қабул қилинган “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ушбу соҳа ривожи учун асос бўлмоқда.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган тадбирда айтилишича,
бугунги кунгача ҳомиладор аёл битта ҳолатда ташхис қўйилиши учун учта ташкилотга мурожаат қилишга мажбур эди.

Яъни, у репродуктив саломатлиги бўйича бир марказга, ҳомиладаги туғма ногиронлик, генетик касалликларни аниқлаш учун скрининг марказига ва туғиш жараёнида қандайдир асоратлар бўлса, туғуруқхонага алоҳида мурожаат қилиши керак бўлган.

Бирламчи амбулатор тизимда тумандаги туғуруқ мажмуалари, перинатал марказлар ва республика туғуруқ муассасалари билан боғлиқлик деярли йўқ эди.

❗️Юқоридаги қарорнинг тарихий аҳамиятларидан бири мамлакатимиздаги оналар ва болалар саломатлигига масъул муассасаларни ягона тизимга бирлаштиргани бўлди.

Вазир ўз нутқида бу борада амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, ҳудудларда ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган марказларнинг ҳаммасида ҳам вазият яхши эмаслигини кескин танқид қилди.

Хусусан, айрим муассасаларда таъмагирлик, давлат бюджети маблағларининг ноқонуний ўзлаштирилиши, айнан бир хусусий диагностика марказида беморларнинг текширувдан ўтишларини уюштириш, юқори турувчи тузилмалар буйруқларини бажаришда сусткашликка йўл қўйиш ҳолатлари аниқлангани қайд этилди.

📝 Мулоқотда Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиалларига креатив фикрловчи, билимли ва ўз ишида юқори малакага эга раҳбарларни тайинлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

📉 Қатор ҳудудий перинатал марказларда раҳбарлик қилиб келаётган тажрибали мутахассислар янги ташкил этилган муассасада ўз ишини давом эттириши белгиланган бўлса, фаолиятида камчиликларга йўл қўйган, янгиликка интилмаган масъуллар ўрнига янги раҳбарлар тайинланди, айримлари учун эса синов муддати белгиланди.

⚠️ Хусусан, Она ва бола марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Сурхондарё вилояти филиалларига янги директор тайинланган бўлса, Тошкент шаҳар филиали директори лавозимидан озод этилди.

✅ Ушбу масъулларга давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган топшириқларни ўз вақтида ҳамда юқори даражада бажариш, фаолиятини қуйи тизимлардан бошлаб ташкил этиш, аҳолига хизмат кўрсатишда ҳалоллик ва профессионаллик сифатларини намоён қилиш, шунингдек, тизимни электронлаштириш, ўз ҳудудидаги ҳомиладор ва фертил ёшдаги аёлларнинг ягона электрон базасини яратишни тезлаштириш каби бир қатор муҳим вазифалар юклатилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.