Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан халқаро мутахассислар иштирокида “Ўзбекистонда кузги гепатология мактаби” номли илмий-амалий конференция ўтказилмоқда.

Унда қайд этилганидек, вирусли гепатитнинг асосан 6 та — A, Б, C, Д, E, Г каби турлари мавжуд. Улар клиник кечиши ва оқибатлари билан бир-биридан фарқ қилади. Юртимизда эса касалликнинг A, Б, C турлари кўп учрайди.

Бутунжаҳон гепатит алянсининг 2021 йилги маълумотларига кўра, гепатит Б ва C вируси туфайли ҳар йили дунёда 1,4 миллион одам вафот этади. Бу эса ОИВ/ОИТС ва безгак қурбонларидан кўп кўрсаткичдир.

Юртимизда ушбу хавфли касалликни ўз вақтида профилактика ва диагностика қилиш, уларни даволаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Конференция доирасида “Дунёда ва Ўзбекистонда вирусли гепатитларнинг Б ва C турларини бартараф этиш дастурлари, муваффақият ва муаммолар, турли мамлакатлар тажрибаси” мавзусида ялпи мажлис бўлиб ўтди.

❗️Маълумот учун, Ўзбекистон вирусли гепатит бўйича эндемик мамлакатлар тоифасига киритилган. 2018 йилдан бошлаб мамлакатимизда гепатит Б ва C скринингини ташкил этиш ва вирусга қарши терапиядан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича тадқиқотлар ўтказиб келинмоқда.

✅ 2022 йил 16 майда қабул қилинган “Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори асосида 2030 йилгача мамлакатимизда гепатитнинг C турини бартараф этиш ва Б турини камайтириш мақсад қилинган.

♻️ Тадбирда Б, Д, С вирусли гепатитлар ва нинг сўнгги босқичи билан оғриган беморларни кузатиш ва даволаш, гепатология соҳасидаги етакчи маҳаллий ҳамда халқаро экспертлар иштирокида мураккаб клиник ҳолатларни таҳлил қилиш масалалари муҳокама қилинмоқда.